Россиядан Ўзбекистонга ярим йилда 2 млрд доллардан ортиқ пул ўтказилди

Россиядан Ўзбекистонга 2019 йилнинг биринчи ярмида юборилган пул миқдори 2 миллиард доллардан ошиб кетди, бу 2018 йилнинг мос давридаги кўрсаткич (1,8 миллиард доллар)дан тахминан 200 миллион долларга кўп. Бу ҳақда, Россия Марказий банки эълон қилган маълумотларга асосланиб, «Газета.уз» хабар бермоқда.

Ўзбекистон Россиядан амалга оширилган пул ўтказмалари ҳажми бўйича худди ўтган йилдаги каби МДҲ мамлакатлари орасида етакчи бўлиб турибди. Бу борада иккинчи ўринда турган Тожикистон сезиларли ортда қолмоқда — Россиядан бу мамлакатга ярим йилда 1,1 миллиард доллар пул ўтказилган. Қирғизистон эса жами 935 миллион долларлик ўтказма билан учинчи ўринда турибди. Қозоғистон олтинчи ўриндан жой олган — у ерга ярим йилда Россиядан 268 миллион доллар пул ўтказилган. Ўзбекистонга юборилган битта ўтказманинг ўртача миқдори иккинчи чоракда 372 долларни ташкил этди (2019 йилнинг биринчи чорагида 349 доллар эди, 2018 йилнинг иккинчи чорагида эса 375 долларни ташкил этган). Тожикистон юборилган битта ўтказманинг ўртача миқдори сезиларли — 150 доллар, Қирғизистонда ушбу кўрсаткич 185 долларга, Қозоғистонда эса 138 долларга тенг.